ترجمة سورة الذاريات

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة الذاريات باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. (Булутларни) суриб кетгувчи (шамол)ларга қасам;
2. Юк (ёмғир) ташигувчи (булут)ларга қасам;
3. (Сув юзида) енгил сузиб боргувчи (кема)ларга қасам;
4. Ва (Аллоҳнинг амри билан барча) иш(лар)ни тақсимлагувчи (фаришта)ларга қасамки,
5. сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш) шак-шубҳасиз, ҳаққи-ростдир!
6. Ва албатта (Қиёмат Кунида ҳисоб-китоб қилинганидан кейин) жазо-мукофот воқеъ бўлгувчидир.
7. (Самодаги юлдузлар ҳаракат қиладиган) йўллар эгаси бўлган осмонга қасамки,
8. албатта сизлар (ушбу пайғамбар хусусида) хилма-хил сўз устидадирсизлар.
____________________
И з о ҳ. Яъни, худди самодаги сайёраларнинг ҳаракат қиладиган йўллари хилма-хил бўлгани каби сизлар ҳам, эй мушриклар, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳақида турли-туман сўзлар айтурсизлар: айримларингиз у зотни «сеҳргар», десангизлар, бошқаларингиз «шоир», дейсизлар.
9. Ундан (яъни, Қуръондан, пайғамбардан Аллоҳнинг илми азалийсида ҳидоят йўлидан) бурилган (ва саодатдан маҳрум қилинган) кимса бурилиб (юз ўгириб) кетур.
10. (Ҳақ пайғамбарни «ёлғончи, сеҳргар, шоир» дегувчи) ўша ёлғончиларга ўлим — лаънат бўлгай!
11. (Жаҳолат) гирдобида адашиб юргувчи бўлган кимсаларга (ўлим бўлгай!)
12. Улар жазо (Қиёмат) Куни қачон бўлишини сўрарлар.
13. (У Кун) улар дўзахда текшириладиган — ёндириладиган Кунда бўлур.
14. (Ўшанда уларга айтилур): «Азобларингизни тотинглар! Сизлар (ҳаёти дунёдалик пайтингизда) шоштиргувчи бўлган нарса мана шудир!»
15. Албатта тақводор зотлар жаннатлар ва булоқлар устида бўлурлар.
16. (У Кунда) Парвардигор ўзларига ато этган нарсаларни (ажр-мукофотларни) қабул қилган ҳолларида (жаннатлар ва булоқлар устида бўлурлар). Зеро, улар бундан илгари (яъни, ҳаёти дунёдалик чоғларида) чиройли амаллар қилгувчи эдилар.
17. Улар кечадан озгина (фурсатгина) кўз юмар эдилар.
18. Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан мағфират сўрар эдилар.
19. Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум-муҳтож кишилар учун (ажратилган) ҳақ-улуш бўлар эди.
20. (Эй инсонлар), Ерда (ундаги тоғу тошлар ва водий-дараларда, денгизлар ва дарёларда, ҳайвонот ва наботот оламида) ишонгувчи зотлар учун (Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир.
21. Ҳамда ўзларингизда (ушбу ҳаётга келиб-кетишингиздан тортиб, вужудларингиздаги ҳар бир аъзоингизда, балки ҳар бир ҳужайрангизнинг нақадар нозик тартиб-интизом билан яратилиб, ўз ўрнига жойлаштирилганида ва ўз зиммасидаги Яратган буюрган вазифани қулоқ қоқмасдан адо этиб боришида Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган оят-аломатлар бордир). Ахир кўрмайсизларми?!
22. Осмонда эса сизларнинг ризқу рўзларингиз (яъни, Ерда мўл ҳосил бўлишига сабаб бўлгувчи ёмғир) ва сизларга ваъда қилинаётган нарса (яъни, жаннат) бордир.
23. Бас, осмон ва Ернинг Парвардигорига қасамки, албатта у (яъни, сизларга ваъда қилинаётган барча нарса) худди сизларнинг сўзлашингиз каби (яъни, сўзлаган сўзларингиз ўзларингиз учун қандоқ ҳақ бўлса, ана шундай) ҳаққи-ростдир!
24. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими?
25. Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб, «Салом», дейишган эди, у ҳам: «Салом, (Булар) нотаниш қавм-ку?», деди.
26. Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (қовурилган) бир семиз бузоқни келтирди-да,
27. уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизларми?», деди.
28. (Лекин меҳмонлар овқатга қўл чўзишмагач), улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин. (Бизлар фаришталармиз, шунинг учун таом емаймиз)», дедилар ва (Иброҳимга) бир доно ўғил хушхабарини бердилар.
29. Шунда (уларнинг сўзини эшитиб турган Иброҳимнинг) хотини қичқирганча келди-да, (бу хушхабардан ажабланганидан) ўзининг юзига уриб: «(Ахир мен) туғмас кампир(ман)ку!», деди.
30. Улар айтдилар: «Парвардигоринг мана шундай деди. Албатта Унинг Ўзигина ҳикмат ва билим Соҳибидир».
31. (Иброҳим) деди: «Эй элчилар, не юмуш билан келдингиз?»
32. Улар айтдилар. «Бизлар бир жиноятчи қавмга (яъни, Лут қавмига) юборилгандирмиз.
33. Уларнинг устидан лойдан-сополдан бўлган тошни ёғдириш учун (юборилгандирмиз).
34. Парвардигорнинг ҳузурида ҳаддан ошувчи кимсалар учун белгилаб қўйилган (яъни, ҳар бир ҳалок қилингувчи кофирнинг номи ёзилган тошни ёғдириш учун юборилгандирмиз).
35. Бас, Биз у жойдаги мўминлардан бўлган кишиларни чиқариб юбордик.
36. (Лекин) у жойда бир хонадондан (яъни, Лут пайғамбар хонадонидан) ўзга мусулмонларни топмадик.
37. Биз (у қишлоқдаги барча кофирларни ҳалок қилганимиздан сўнг) аламли азобдан қўрқадиган зотлар (ибрат олишлари) учун у жойда оят-аломат қолдирдик.
____________________
И з о ҳ. Ушбу ояти каримада Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган оят-аломатлардан фақат Охиратдаги аламли азобдан қўрқадиган кишиларгина панд-насиҳат олишлари таъкидлаб ўтилди. Энди, Иброҳим алайҳиссаломга юборилган фаришталар ва уларнинг Лут қавмидан кофир бўлган кимсаларни ҳалок қилганлари ҳақидаги ибратли қисса ҳикоя қилингач, навбатдаги оятларда кофир бўлганлари сабабли ҳалокатга дучор қилинган бошқа бир қанча қавмлар тўғрисида қисқача хабарлар берилади.
38. Мусо (қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уни очиқ ҳужжат билан Фиръавн олдига юборган эдик.
39. У ўз аркони (давлати)га суяниб (Мусога иймон келтиришдан) юз ўгирди ва «(Мусо ё) сеҳргар, ёки мажнун», деди.
40. Бас, Биз уни ҳам, қўшинларини ҳам ушлаб, уларни денгизга отдик — ғарқ қилиб юбордик. У (Фиръавн ўзининг кибру ҳавоси ва куфру исёни сабабли ҳар қандай) маломатга лойиқдир.
41. Од (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уларнинг устига туғмас (яъни, ҳеч қандай фойда етказмайдиган) бўронни юборган эдик.
42. У (бўрон) ниманинг устидан ўтса, албатта уни (ҳалок этиб) худди чириб-битган суяклар каби қилиб қўяр эди.
43. Самуд (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, уларга (Аллоҳ томонидан мўъжиза қилиб юборилган туяни сўйиб юборган пайтларида) «бир вақтгача (яъни, уч кунгача тириклик неъматидан) баҳраманд бўлингиз», дейилган эди.
44. Бас, улар Парвардигорнинг амри(га игоат этиш)дан кибр-ҳаво қилишгач, қараб турган ҳолларида уларни чақмоқ урди.
45. Бас, улар (у чақмоқдан қочиб қутулиш учун ўринларидан) туришга ҳам қодир бўлмадилар ва (бирон кимса томонидан) ёрдам олгувчи ҳам бўлмадилар!
46. (Мазкур қавмлардан) илгари Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок қилгандирмиз). Чунки улар фосиқ-итоатсиз қавм эдилар.
47. Осмонни Биз қудрат билан барпо қилдик. Дарҳақиқат, Биз қудратлидирмиз.
48. Ерни эса ёйиқ-кенг қилиб қўйдик. Бас, (Биз) нақадар яхши ёйгувчидирмиз.
49. Сизлар эслатма-ибрат олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик.
50. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), уларга айтинг: «Бас, Аллоҳга (иймон келтириш учун) чопинглар-шошинглар! Албатта мен сизлар учун У зот(нинг азоби)дан очиқ огоҳлантиргувчидирман.
51. Ва сизлар Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон илоҳ бор, деманглар! Албатта мен сизлар учун У зот(нинг азоби)дан очиқ огоҳлантиргувчидирман».
52. Худди шунингдек, (яъни, сизни сеҳргар, мажнун, шоир деганлари каби) улардан (яъни, Макка мушрикларидан) аввалги (кофир бўлган) кимсаларга бирон пайғамбар келганида, улар ҳам албатта (ўша пайғамбарни ё) сеҳргар ёки мажнун, дер эдилар.
53. Улар ўша (сўз)ни бир-бирларига васият қилиб қолдирганмилар? Йўқ, (зотан улар бир-бирларидан йироқ замонларда ва маконларда яшаб ўтганлари сабабли ўзаро васият қилиш имконига эга эмаслар, лекин фақат бир нарса уларнинг барчаларини юқоридаги каби сўзларни айтишга мажбур этар) — улар туғёнга тушган қавмдирлар!
54. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз улардан юз ўгиринг! Энди (зиммангиздаги пайғамбарликни тўла етказганингиздан сўнг кофирлардан юз ўгирсангиз) сиз маломат қилингувчи эмассиз.
55. Ва (Қуръон билан) панд-насиҳат қилинг! Зеро, у панд-насиҳатлар мўминларга нафъ етказур.
56. Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим.
57. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман.
58. Зеро, Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир.
59. Бас, золим-кофир бўлган кимсалар учун шак-шубҳасиз, худди (илгари ўтган кофир) дўстларининг насибалари каби (азобдан иборат) насиба бордир. Бас, улар Мени(нг азобимни) шоштирмай қўя қолсинлар!
60. Бас, кофир бўлган кимсалар учун уларга ваъда қилинаётган (азобга гирифтор қилинадиган) Кунларида ҳалокат бўлгай!
Icon