ترجمة معاني سورة النبأ
باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
.
من تأليف:
علاء الدين منصور
.
ﰡ
1. (Мушриклар) бир-бирларидан нима ҳақида сўрашмоқдалар?!
3. Улар ўзлари ихтилоф қилгувчи бўлган (улуғ хабар ҳакқда яъни, қайта тирилиш тўғрисида савол-жавоб қилмоқдалар)!
4. Йўқ (уларнинг гумонлари беҳудадир)! Улар яқинда (бу хабарнинг ҳақ эканини) билиб олажаклар!
5. Яна бир бор йўқ! Улар яқинда билиб олажаклар!
____________________
И з о ҳ. Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом пайғамбар қилиб юборилганларидан сўнг Макка аҳлига қайта тирилиш ҳақ эканлиги ҳақида хабар берганларида, айрим мушриклар бу хабарни инкор қилган бўлишса, айримлари унга гумон билан қарашиб, бир-бирлари билан шу ҳақда талашиб-тортиша бошладилар. Шунда юқоридаги оятлар нозил бўлиб, уларнинг бундай савол-жавоблари нодуруст экани ва эрта бир кун — Қиёмат қойим бўлгач, улар бу хабарнинг ҳақ эканлигини билиб қолишлари, аммо у Кунда уларнинг билишлари ҳам, тавба-тазарру қилишлари ҳам бефойда бўлиб қолиши таъкидланди. Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таолонинг қудратини намойиш этадиган, ўлган жасадни қайта тирилтиришга нисбатан беқиёс улкан ва улуғ илоҳий мўъжизалар санаб ўтилади.
6. Биз Ерни (барча жонзотлар маскан тутиб яшашлари учун) бир тўшак,
7. тоғларни эса (ўша Ерни тутиб тургувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!
8. Биз сизларни жуфт-жуфт қилиб яратдик.
9. Уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик.
____________________
И з о ҳ. Дарҳақиқат, уйқу Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъматларидин биридир. Зеро, дунёдаги барча жонзот мубтало бўлган толиқиш, чарчаш деган бир дард борки, бу дарднинг уйқудан бўлак дармони йўқдир. Эҳтимол уйқусизлик дардига йўлиққан кишини бирон дори воситасида ухлатиш мумкиндир, лекин мана шу уйқуни яна бадтар чарчатадиган меҳнат эмас, балки ором-роҳат қилиш Яратгандан ўзганинг қўлидан келмас.
10. Кечани (ўз қоронғуси билан барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик.
11. Кундузни эса тирикчилик (учун белгиланган вақт) қилдик.
12. Устларингизда етти (қават) пишиқ-мустаҳкам (осмонни) бино қилдик.
13. Ва доимо чарақлаб тургувчи чироқни (яъни, қуёшни пайдо) қилдик.
14. Яна Биз ўзидан ёмғирни сиқиб чиқаргувчи (булут)лардан мўл-кўл сув-ёмғир ёғдирдик.
15. Ўша (ёмғир) ёрдамида дон ва набототни
16. ҳамда (қалинлигидан дарахтлари) бир-бирига чирмашиб кетган боғларни ундириб чиқариш учун (мўл-кўл ёмғир ёғдирдик).
____________________
И з о ҳ. Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло Ўзининг қудратини кўрсатиб турадиган тўққиз ёрқин далилни келтиргач, энди яна аввалги мавзу — қайта тирилиш мавзусига қайтилади.
17. Албатта (ҳақ билан ботил, яхши билан ёмон) ажратиладиган Кун (ҳисоб-китоб учун) белгиланган вақт бўлди.
18. У Кунда Сур чалинур, бас, сизлар тўп-тўп бўлиб (маҳшаргоҳга) келурсизлар!
19. Осмон ҳам очилиб, (фаришталар тушиб келадиган) эшикларга айланиб қолди!
20. Тоғлар ҳам (жойларидан) жилдирилиб, (осмонда учиб юрган) саробга айланиб қолди!
21. Албатта жаҳаннам (ўзига қулаб тушадиган кофирларга) кўз тутиб тургувчи бўлди.
22. Туғёнга тушгувчиларнинг борар жойлари бўлган (жаҳаннам кўз тутиб тургувчи бўлди).
23. Улар у жойда узоқ замонлар (яъни, абадул-абад) қолгувчидирлар!
24. Улар у жойда (жаҳаннам ўтидан ором берадиган) бирон салқинни ва бирон ичимликни топмаслар!
25. Фақат қайноқ сув ва йирингнигина (тотурлар)!
26. (Мана шу уларнинг қилмишларига) яраша жазодир!
27. Чунки улар (Қиёмат Кунидаги) ҳисоб-китобдан умидсиз бўлган кимсалардир.
28. Улар бизнинг оятларимизни бутунлай ёлғон дер эдилар!
29. Ҳолбуки, Биз барча нарсани ҳисоб-китоб қилиб, ёзиб қўйгандирмиз!
30. Бас, (эй кофирлар, Бизнинг азобимизни) тотиб кўринглар! Энди Биз сизларга фақат азобнигина зиёда қилурмиз!
31. Албатта тақводор зотлар учун (жаннатда) нажот манзили бордир.
32. Яна боғлар ва узумзорлар.
33. (Ёш ва ҳуснда) тенгдош хушқад (ҳур)лар.
34. Ва (шароб билан) тўла майкосалар бордир.
35. Улар у жойда бирон беҳуда ва ёлғон сўз эшитмаслар.
36. (Бу) Парвардигорингиз томонидан (берилган) мукофот, етарли марҳаматдир.
37. Осмонлар ва Ернинг ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг Парвардигори бўлмиш Меҳрибон Зот томонидан (берилган мукофот, етарли марҳаматдир). Улар (инсонлар) У зотдан (Аллоҳдан) қўрқиб бирон сўз айтишга қодир бўлмаслар.
38. Руҳ (Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган Кунда улар сўзлай олмаслар, фақат У Меҳрибон зот изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзни айтур.
39. Бу ҳаққи-рост Кундир. Бас, ким хоҳласа, ўз Парвардигори томон қайтадиган йўлни тутур.
40. (Эй Макка кофирлари), дарҳақиқат, Биз сизларни яқин(да воқеъ бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. У Кунда (ҳар бир) киши ўзи қилиб ўтган нарсани (яъни, барча яхши-ёмон амалларини) кўрур ва кофир кимса: «Эҳ, кошки эди (қайтадан) тупроққа айланиб кетсам(-у муҳаққақ бошимга тушадиган азобдан қутулсам)», деб қолур.