ترجمة سورة النجم

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة النجم باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Ботиб кетаётган юлдузга қасамки,
2. Сизларнинг соҳибингиз (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом) залолатга ҳам кетгани йўқ, йўлдан ҳам озгани йўқ!
3. Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас.
4. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир.
5. Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган зот (яъни, Жаброил алайҳиссалом) таълим бермишдир.
6. Соҳиби қудрат (яъни, Жаброил алайҳиссалом таълим бермишдир).
7. Бас, у (аввал) юксак уфқда (кўриниб), тик турди.
8. Сўнгра яқинлашиб, пастлади.
9. Бас, (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга) икки камон оралиғида ё (ундан-да) яқинроқ бўлиб;
10. (Аллоҳ) ўз бандаси (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом)га туширган ваҳийни келтиради.
11. (Пайғамбарнинг) кўнгли кўрган нарсасини инкор этмади. (Яъни, Жаброил фариштанинг суратини кўриб, пайғамбарнинг кўнгли ҳам қаноатланди ва унинг Аллоҳ таоло томонидаи фаришта эканлигига иймон келтирди).
12. Энди сизлар, (эй мушриклар, пайғамбар) кўриб турган нарсаси устида у билан тортишурмисизлар?!
13. Қасамки, (Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом Жаброил фариштани ўзининг аслий суратида) иккинчи бор кўрди.
14. (Жаннат) четидаги Нилуфар олдида (кўрди).
____________________
И з о ҳ. Бу кўриш Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом Жаброил фаришта билан бирга Меърожга кўтарилганларида рўй берган эди. Энди қуйидаги оятларда Расулуллоҳнинг ўша меърожда кўрган — гувоҳ бўлган манзаралари тасвирланади.
15. Жаннати маъво ҳам ўша (Нилуфар)нинг олдидадир.
16. Ўшанда Нилуфарни ўраган нарса (яъни, Аллоҳ таолонинг файзи илоҳийси) ўраб олган эди.
17. (Пайғамбарнинг) кўзи (ўнгу сўлга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ.
18. Дарҳақиқат, у (ўша соатда) Парвардигорининг буюк оятларини (яъни, У зотнинг қудрати илоҳийсига далолат қиладиган жуда кўп аломатларни) кўрди.
19. (Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) — «Лот», «Уззо» ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?!
20. Ва яна учинчилари бўлмиш тубан «Манот» ҳақидачи?!
21. (Сизлар ўша бут-санамларни ва фаришталарни «Аллоҳнинг қизлари», дейсизлар, демак) эркак (жинси) сизларники-ю, аёл (жинси) У зотникими?!
22. У ҳолда бу адолатсиз тақсим-ку?!
23. У (ном)лар фақат сизлар ўзларингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлардир. Аллоҳ улар(га ибодат қилиш) ҳақида бирон ҳужжат туширган эмас. У (мушрик)ларга (Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом воситаларида) Парвардигор томонидан ҳидоят (Қуръон) келиб турган ҳолда улар фақат гумонга ва ҳавойи нафсларигагина эргашадилар-а!
24. Ёки инсон учун ўзи орзу қилган нарса бўлаверарми?! (Ҳаргиз бўлмас!)
____________________
И з о ҳ. Мушриклар ўзлари ясаб кейин «Лот, Уззо ва Манот» деб ном қўйиб олган бутлари ҳақида «Булар Аллоҳнинг қизларидир. Мана шулар Қиёмат Кунида бизларни шафоат қилишади», деб хомхаёл қилиб юрар эдилар. Юқоридаги оят уларнинг бу хомхаёллари ҳеч қачон амалга ошмаслигини таъкидлади.
25. Зеро, Охират ҳам, дунё ҳам ёлғиз Аллоҳникидир!
26. Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур).
27. Дарвоқеъ, Охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар фаришталарни аёллар номи билан атайдилар.
28. Ҳолбуки, улар учун бу ҳақда (яъни, фаришталарнинг қайси жинсдан эканлиги ҳақида) бирон билим-ҳужжат йўқдир. Улар фақат гумон-тахминга эргашурлар, холос. Аниқки, гумон ҳақиқатдан бирон нарсанинг ўрнига ўтмас!
29. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз Бизнинг эслатмамиздан орқа ўгириб кетган ва фақат ҳаёти дунёнигина истаган кимсалардан юз ўгиринг!
30. Уларнинг «илм»дан етган жойлари мана шу (ҳаёти дунё матоларинигина исташ)дир. Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билгувчидир ва У ҳидоят топган зотларни ҳам жуда яхши билгувчидир.
31. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарсалар ёлғиз Аллоҳникидир. У зотнинг Ўзи ёмонлик-гуноҳ қилиб ўтган кимсаларни қилган амаллари билан жазолагай ва чиройли амал қилган зотларни гўзал (савоб-жаннат) билан мукофотлагай!
32. Улар (яъни, жаннатга сазовор бўлганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Албатта Парвардигорингиз мағфирати кенг Зотдир. У сизларни (яъни, оталарингиз Одамни) Ердан — тупроқдан пайдо қилган пайтиданоқ ва сизлар оналарингизнинг қорнида ҳомила бўлган пайтингизданоқ жуда яхши билгувчидир. Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! У тақводор бўлган кишиларни жуда яхши билгувчидир.
33. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, иймондан) юз ўгириб кетган
34. ва озгина (мол) бериб, (кейин шарт қилинган молни беришни) тўхтатган кимсани кўрдингизми?
____________________
И з о ҳ. Бу оятларнинг нозил бўлишига бир воқеа сабаб бўлган. Валид ибн Муғийра деган бир киши Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом ҳузурларида ўтириб, у зотнинг панд-насиҳатларини эшитгач, таъсирланиб, Ислом динига кирмоқчи бўлади. Шунда мушриклардан бири унга «Сен ота-боболарингни йўлдан озган кимсалар деб уларнинг динини тарк қилиб, Муҳаммаднинг динига кирмоқчимисан?», деб қутқу солади. Иккиланиб қолган Валид: «Ахир мен Исломга кирмасам, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўламан-ку?» деганида, ҳалиги мушрик унга: «Агар сен менга фалон миқдорда мол-пул берсанг, сенинг барча гуноҳларингни Охиратда ўз бўйнимга оламан», дейди. Унинг васвасасига учган Валид диндан юз ўгиради ва ўзаро шартлашган молларидан бир қисмини ҳалиги мушрикка беради, аммо қолганини бахиллик қилиб бермай қўяди. Шунда юқоридаги ояти карималар нозил бўлади ва шу мавзу қуйидаги оятларда ҳам давом этади.
35. Унинг ҳузурида ғайб илми бормидики, у (келажакда бошқа биров ўзининг гуноҳини зиммасига олишини) билиб олса?!
36. Ёки унга Мусонинг саҳифаларидаги сўзлар хабари берилмаганмиди?!
37. Ва (аҳдига) вафодор зот бўлган Иброҳимнинг саҳифаларидаги сўзлар (хабари берилмаганмиди?!)
38. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас!
39. Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас).
40. Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур.
41. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур.
42. Албатта охирги чегара ёлғиз Парвардигорингиз олдига (бормоқлик)дир.
43. Албатта кулдирган ҳам, йиғлатган ҳам Унинг Ўзидир.
44. Албатта ўлдирган ҳам, тирилтирган ҳам Унинг Ўзидир.
45. Ва албатта У зот эркак-аёл жуфтларни яратгандир.
46. (Уларни) отилиб чиқадиган нутфадан (яратгандир).
47. Албатта (барча халойиқни ўлганидан сўнг) иккинчи бор пайдо қилиш ҳам ёлғиз Унинг зиммасидадир.
48. Албатта бой қилган ҳам, бадавлат қилган ҳам Унинг Ўзидир.
49. Албатта Шеъро (юлдузи)нинг Парвардигори ҳам Унинг Ўзидир.
____________________
И з о ҳ. Мушрикларнинг бир тоифаси ёзнинг иссиқ кечаларида кўринадиган Шеъро (Сириус) номли юлдузга сиғинар эдилар. Мазкур ояти карима Аллоҳ таоло улар сиғинаётган Шеъронинг ҳам Парвардигори эканлигини уқтиради.
50. Албатта У зот аввалги Од (қабиласи)ни ҳалок қилди;
51. Ва Самуд (қабиласи)ни ҳам (ҳалок қилди), бас (улардан бирон кишини тирик) қолдирмади.
52. Яна У зот илгари Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок қилгандир). Чунки уларнинг ўзлари жуда золим ва туғёнга тушган кимсалар эдилар.
53. Яна У зот зеру-забар бўлган қишлоқни (яъни, Лут пайғамбар қавмини) ҳам қулатиб,
54. уни ўраган нарса (яъни, осмонда ёғилган тошлар) билан ўраб кўмиб ташлади.
55. Бас, (эй инсон) Парвардигорингнинг қайси неъматлари ҳақида шак-шубҳа қилурсан?!
56. Бу (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом ҳам) аввалги огоҳлантиргувчилар (пайғамбарлар жумласи)дан бир огоҳлантиргувчидир.
57. Яқин бўлгувчи (Қиёмат) яқин қолди.
58. Унинг учун Аллоҳдан ўзга бирон очгувчи (қачон бўлишини билдиргувчи) йўқдир.
59. (Эй мушриклар), ҳали сизлар мана шу Сўздан (Қуръондан) ажабланурсизларми?!
60. (Ундаги оятларнинг беназир ва бемисл ўгит-насиҳатларидан таъсирланиб) йиғламасдан, кулурсизларми?
61. Ғофил бўлган ҳолларингизда (йиғламасдан, кулурсизларми?!)
62. Бас, сизлар ёлғиз Аллоҳга сажда ва ибодат қилинглар!
____________________
И з о ҳ. Ушбу ояти карима навбатдаги сажда ояти бўлиб, уни ўқиган ва тинглаган ҳар бир киши учун бир бор сажда лозим бўлур.
Icon