ترجمة سورة القلم

Uzbek - Uzbek translation
ترجمة معاني سورة القلم باللغة الأوزبكية من كتاب Uzbek - Uzbek translation .


Нуун. Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам. (Оятда қасам қалам билан чекланмади, балки Аллоҳ сатрларга ёзилажак нарсалар билан ҳам қасам ичди. Бизнинг замонамизда қаламдан бошқа ёзув қўлланмалари ҳам чиқди. Қалам ва ёзиш билан қасам ичилиши мусулмонлар учун ўқиш-ёзиш, илм-маърифатга катта эътибор беришга чақириқдур.)

Сен Роббинг неъмати ила мажнун эмассан.

Ва албатта, сенга миннат қилинмайдиган ажр бордур.

Ва албатта, сен улкан хулқдасан.

Бас, тезда кўрурсан ва улар ҳам кўрурлар.

Сизлардан кимда жунунлик борлигини.

Албатта, Роббинг Ўзи, ким Унинг йўлидан адашганини билувчидур ва У ҳидоятда юрувчиларни ҳам билувчидур.

Бас, ёлғонга чиқарувчиларга итоат қилма.

Агар сен муроса қилсанг, улар ҳам муроса қилишни орзу қиларлар.

Итоат қилма! Ҳар бир қасамхўр, пасткашга.

Кишиларни айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчига.

яхшиликни ман қилувчи, тажавузкор, сергуноҳга.

Қўпол, ундан сўнг отасининг таъйини йўққа.

Моли ва ўғиллари кўп бўлганидан.

Бизнинг оятларимиз Унгаўқилган пайтда, аввалгиларнинг афсоналари, деганга.

Тезда унинг тумшуғига белги қўямиз.

Албатта, Биз уларини боғ эгаларини синаганимиздек синаб кўрдик. Вақтики, эрта тонгада териб оламиз, деб қасам ичдилар.

Ва истисно қилмадилар.

Улар ухлаб ётганда, боғ устидан Роббингдан бўлган айланувчи айланиб чиқди.

Бас, у худди меваси териб олинганга ўхшаб қолди.

Улар, тонг-саҳарда бир-бирларини чақирдилар:

«Агар терадиган бўлсангиз, экинзорингизга эртароқ боринг», деб.

Бас, паст овозла гаплашиб, юриб кетдилар.

«Бугун сиз борингизда у боғга мискин кира кўрмасин», деб.

Ва эрталабда қасдла, ўзларини қодир сезиб, бордилар.

Уни кўрганларида, биз адашибмиз, дедилар.

Балки биз маҳрум бўлгандиримиз, дедилар.

Уларнинг энг яхши ва адолатлиси, «Сизларга тасбиҳ айтсаларингиз-чи, демабмидим?!», деди.

Роббимиз айблардан пок бўлди, албатта биз золимлардан эдик, дедилар.

Бас, баъзилари баъзиларни маломат қила бошладилар.

Вой, шўримиз қурсин, туғёнга кетган эканмиз.

Шояд Роббимиз унинг ўрнига ундан кўра яхшироғини берса. Биз ўз Роббимизга рағбатлимиз, дедилар.

Азоб шундоқ бўлур ва агар билсалар, албатта охират азоби бундан катта бўладир.

Албатта, тақводорлар учун Роббилари ҳузурида наъийм жаннатлари бордур.

Мусулмонларни жинояткорларга ўхшатиб қўярмидик?!

Сизларга нима бўлди, қандай ҳукм чиқаряпсизлар?!

Ёки сизларнинг китобингиз бор-у, ундан ўқидингизми?

Унда сизларга нимани ихтиёр қилсангиз, албатта, (бўлаверади) дейилганми?!

Ёки сизларга Бизнинг қиёмат кунигача етадиган ваъдаларимиз бўлиб, унда, албатта, сиз нима ҳукм қилсангиз шу бўлади, дейилганми?!

Сўра улардан, қай бирлари бу нарсага кафил экан?

Ёки уларнинг шериклари бормикин, агар ростгўй бўлсалар, ўша шерикларини ҳам олиб келсинлар.

Болдирлар шимарилган кунида ва улар саждага чақирилганда, қодир бўлмаслар. (Бу, қиёмат кунидир. Оғир ҳолатда қолиб қочишга уринган одам ҳалақит бермасин, деб иштонини шимариб, болдирини очиб олади.

Уларнинг кўзлари қўрқинчга тўла, хорлик ўраб олган. Ва дарҳақиқат, улар саломатлик ҳолларида сажда қилишга чақирилган эдилар.

Бу гапни ёлғонга чиқарувчиларни Менинг Ўзимга қўйиб қўй. Биз уларни ўзлари билмаган тарафдан аста-секин оламиз.

Ва уларга муҳлат бераман, албатта, Менинг ҳийлам метиндир.

Ёки сен улардан ҳақ сўраяпсану, улар қарзга ботиб қолдиларми?

Ёки ҳузурларида ғойиб илми бору, улар ёзиб оладиларми?

Роббинг ҳукмига сабр қил ва бир вақтлар ғамга тўлган ҳолда нидо қилган балиқ соҳибига ўхшама.

Агар уни Роббисининг неъмати топмаганда, очиқ саҳро жойга, мазамматга қолган ҳолда ташланган бўларди.

Бас, уни Роббиси танлаб олди ва солиҳ бандаларидан қилди.

Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар ва, албатта, у жиннидур, дерлар.

Ҳолбуки, у бутун одамларга эслатмадан ўзга нарса эмас.
Icon