ترجمة سورة الواقعة

الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور
ترجمة معاني سورة الواقعة باللغة الأوزبكية من كتاب الترجمة الأوزبكية - علاء الدين منصور .
من تأليف: علاء الدين منصور .

1. Қачон Воқеа — Қиёмат воқеъ бўлса,
____________________
И з о ҳ. Яъни, аниқ тушгувчи бўлган Қиёмат соати келганида, ҳаёти дунёда Аллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиб юрган кимсалардан биронтаси ёлғон сўзлай олмай қолади.
2. У воқеъ бўлган чоғда бирон ёлғон сўзлагувчи бўлмас.
3. (Қиёмат кофирларни дўзахга дучор этиш билан) паст қилгувчи, (мўминларни эса жаннатга киритиш билан) баланд қилгувчидир.
____________________
И з о ҳ. Яъни, бу дунёда нафслари истаган хирсу ҳавасларга муккадан кетиб, мол-давлат ва салтанатлари билан ҳаволаниб юрган динсиз-иймонсиз кимсаларни Қиёматда энг тубан дўзахга ташлаш билан паст қилиб қўяр, аммо бу ҳаёти дунёда мудом рўй бериб турадиган зулму ситам ва ҳақсизлик азобидан эзилиб юрсалар-да, ўз иймон-эътиқодларида устивор бўлган мўмин-мусулмонларни эса жаннатлардаги баланд мақомларга кўтарур.
4. (У кунда) Ер (қаттиқ) ларзага келди;
5. Тоғлар титилди;
6. Ва чанг-тўзонга айланди.
7. Ва сизлар уч синф-тоифа бўлиб қолдингизлар.
8. Бас, (у уч тоифадан биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!
____________________
И з о ҳ. Ўнг томон эгалари ҳаёти дунёдан иймон-эътиқод билан ўтганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи-аъмоллари ўнг томонларидан берилиб, жаннат неъматларига сазовор бўлган саодатманд кишилардир. Чап томон эгалари эса ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтганлари сабабли Қиёмат Кунида номаи-аъмоллари чап томонларидан берилиб, дўзахга гирифтор бўлган бадбахт кимсалардир.
9. (Иккинчи тоифа) шум-чап томон эгаларидир. Шум-чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!
10. (Учинчи тоифа бўлмиш барча яхши амалларга) пешқадам бўлгувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлгувчи зотлардир!
11. Ана ўшалар (Аллоҳ таолога) яқин қилингувчилардир.
12. (Улар) ноз-неъмат боғларидадирлар.
13. (У пешқадамлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик,
14. кейингилардан (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом умматларидан) эса оздир.
____________________
И з о ҳ. Яъни, Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломгача, ўтган барча пайғамбарларга иймон келтирган ва уларнинг ёнларида туриб Аллоҳ таоло буюрган динга даъват қилишда ёрдамчи бўлган аввалги умматлар орасидаги пешқадам зотларнинг саноқларига нисбатан Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом умматлари ўртасидаги пешқадам зотларнинг сонлари оздир.
15. (Улар олтиндан) тўқилган сўриларда
16. ястанган ҳолларида бир-бирларига рўбарў бўлиб (ўлтирурлар).
17. Устларида эса мангу ёш (яъни, ҳеч қаримайдиган) болалар (қадаҳларни) айлантириб турурлар.
18. Оқар чашмадан (майли) қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни (айлантириб турурлар).
19. У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оғримас, маст ҳам бўлмаслар.
20. Яна ўзлари танлаб оладиган мева-чева;
21. Ҳамда иштаҳалари тортган қуш гўштлари ҳам (айлантириб турилур).
22. Яна (улар учун) оҳу кўз ҳурлар бордир.
23. Худди яшириб қўйилган марварид мисол (оҳу кўз ҳурлар бордир).
24. (Бу) улар (ҳаёти дунёда) қилиб ўтган амалларининг мукофотидир.
25. Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар,
26. фақат «Салом-салом», дейилганинигина (эшитурлар).
27. Ўнг томон эгалари... Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!
28. (Улар) тикансиз бутазорларда.
29. Тизилган бананзорларда.
30. Ёйилган соя (ости)да.
31. Оқизиб қўйилган сув (усти)да.
32. Кўпдан-кўп (турли туман) мева-чева (ости)да.
33. (У мевалар) тугаб қолмайди ва манъ ҳам этилмайди.
34. Баланд кўтарилган кўрпачалар (усти)дадирлар.
35. Дарвоқеъ, Биз уларни (оху кўз ҳурларни) дафъатан пайдо қилдик (яъни, улар онадан туғилмадилар, балки Аллоҳнинг қудрати билан дафъатан пайдо бўлдилар).
36. Сўнг (уларни ўнг томон эгалари учун) бокира қизлар қилиб қўйдик.
37. (Улар ёшда ҳам, ҳусну жамол ва қадду қоматда ҳам) бири-бирига тенг, эҳтиросли (ҳурлардир).
38. (Уларни) ўнг томон эгалари учун (қилдик).
39. (Ўнг томон эгалари бўлмиш саодатманд кишилар) аввалги (уммат)лардан ҳам кўпчилик,
40. кейингилардан (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом умматларидан) ҳам кўпчилиқдир.
41. Чап томон эгалари... Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!
42. (Улар дўзахдан тинимсиз эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборувчи) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида;
43. Bа қора тутундан иборат «соя» (ости)дадирлар.
44. (У «соя») на салқин, на фойдалидир.
45. Дарвоқеъ, улар бундан илгари (яъни, ҳаёти дунёда хирсу ҳавасга муккадан кетган) боёнлар эдилар.
46. Улар улуғ гуноҳ (яъни, ширк) устида оёқ тираб турар эдилар.
47. Ва: «Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилгувчимизми,
48. аввалги ота-боболаримиз ҳам-а?!», деб (масхара қилар) эдилар.
49. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, сиз уларга) айтинг: «Албатта аввалгилар ҳам, кейингилар ҳам
50. Маълум Кундаги белгиланган вақтга шак-шубҳасиз, тўплангувчидирлар.
51. Сўнгра албатта сизлар, эй (қайта тирилишни) ёлғон дегувчи гумроҳлар,
52. Шак-шубҳасиз, (жаҳаннамнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахтидан егувчи
53. — ундан қоринларингизни тўлдиргувчидирсизлар.
54. Сўнг унинг устига қайноқ сувдан ичгувчи, (ичганда ҳам)
55. — Ташна-тўймас туялар каби ичгувчидирсизлар!
56. Мана шу уларнинг жазо (Қиёмат) Кунидаги «зиёфатларидир»!
57. (Эй инсонлар), сизларни Биз Ўзимиз яратдик-ку! Энди сизлар (Охиратда яна қайта яратишга қодир эканлигимизни) тасдиқ этмайсизларми?!
____________________
И з о ҳ. Яъни, йўқдан бор қилишга қодир бўлган Зот қайта яратишга ҳам шак-шубҳасиз, қодирдир. Энди қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло Ўзининг қайта яратишга қодир эканлигига тўрт нарсани, яъни инсонни яратганини, наботот (экин-ўсимликлар)ни яратганини, сувни яратганини ва ўт-оловни яратганини далил қилиб келтиради.
58. Сизлар (хотинларингизнинг бачадонига) тўкадиган маний-уруғ ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?
59. Уни сизлар (комил инсон қилиб) яратурмисизлар ёки Биз яратгувчимизми?!
____________________
И з о ҳ. Дарҳақиқат, бу инсон кўз ўнгида доимо такрорланиб турганлиги сабабли эътибор берилмайдиган буюк бир мўъжизадир: наҳотки киши баданидан ажралиб чиқиб турадиган тер, кўз ёши каби бўлган бир томчи сувдан — манийдан — озгина муддат ўтгач, ўз-ўзидан эркак ё аёл жинсига мансуб, эшитгувчи, кўргувчи бир инсон пайдо бўлиб қолса. Тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган бу иш қандай содир бўлди? Ахир бу инсон ўзининг суяклари, гўшти ва териси билан томирлари-ю, тук ва тирноқлари билан ҳамда фақат ўзигагина хос бўлган хулқи-табиати билан қаерга яшириниб олган эди?! Қайси бир доно одам бир томчи сув ўз-ўзидан мана шундай инсонга айланган дея олади? Ҳеч ким! Чунки маний она бачадонига тушиши биланоқ эр-хотиннинг иш-амали битган: улар ўша бир томчи сувдан ҳомила пайдо бўладими-йўқми билишга қодир эмаслар, энди бу ёғи ёлғиз Яратганнинг хоҳишига ҳавола. Агар У зот хоҳласа, Ўз қудрати билан бир хил ҳужайрадан иборат бўлган ўша манийдан инсоннинг жамийки аъзоларининг ҳар бири ўзига хос бўлган минг-минглаб ҳужайраларини пайдо қилади ва ҳар бир аъзонинг ҳужайрасига ўз вазифасини пайдо қилади ва унга жон киритади... Дарҳақиқат, бу илоҳий мўъжизада ақл юритгувчи кишилар учун етарли ибрат бордир.
60. Сизларнинг ўртангиздаги ўлимни ҳам Биз белгилаб қўйгандирмиз (яъни, сизларга ҳаётни ҳам, ўлимни ҳам Биз берурмиз) ва Биз ожиз эмасдирмиз.
61. (Сизларни вафот топдириб, ўрнингларга) сизларга ўхшаганларни алмаштириб қўйишга ҳамда сизларни ўзларингиз билмайдиган ҳолат-суратда қайта пайдо қилишга ҳам (ожиз эмасдирмиз).
62. Дарвоқеъ, сизлар дастлабки пайдо бўлишларингиз (қандай бўлгани)ни билдинглар-ку! Бас, эслатма-ибрат олмайсизларми?!
63. Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?
64. Уни сизлар ундириб-ўстирурмисизлар ёки Биз ундиргувчимизми?!
65. Агар Биз хоҳласак, албатта уни қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, бас, сизлар ажабланган ҳолларингизда:
66. «Шак-шубҳасиз, бизлар зиён кўргувчилармиз.
67. Йўқ, бизлар (барча ризқу рўздан) маҳрум бўлгувчилармиз», (деб надомат қилиб қолган бўлур эдингазлар).
68. Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?
69. Уни булутлардан сизлар ёғдирдингларми ёки Биз ёғдиргувчимизми?!
70. Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлур эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?!
71. Сизлар ёқадиган ўт-олов ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?
72. Унинг дарахтини сизлар пайдо қилдингларми ёки Биз пайдо қилгувчимизми?!
73. Биз уни (жаҳаннам ўтидан) бир эслатма ва (саҳроларда юрадиган) мусофир-йўловчилар учун фойдаланадиган нарса қилиб қўйдик.
74. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улуғ Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) поклаб-тасбеҳ айтинг!
75. Мен юлдузларнинг ботар жойларига қасам ичурманки,
76. — Ҳолбуки, бу (қасам) агар билсангизлар, шак-шубҳасиз, улуғ-катта қасамдир,
77. — албатта у Улуғ Қуръондир!
78. (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги Улуғ Қуръондир).
79. Уни фақат таҳоратли — пок кишиларгина ушларлар.
80. (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир.
81. Бас, (эй кофирлар), сизлар мана шу Сўз — Қуръонга бепарволик қилурмисизлар (яъни, сизлар шундай улуғ Китобни назарларингизга илмасдан инкор қилмоқдасизларми)?!
82. Ва сизлар (Қуръонни) ёлғон дейиш(дек бадбахтлик)ни ўзларингизнинг ризқ-насибаларингиз қилиб олурсизларми?!
83. Бас, қачон (вафот қилаётган кишининг жони) халқумига етганида;
84. — Ҳолбуки, ўша вақтда сизлар қараб турурсизлар;
85. Ва Биз унга сизлардан кўра яқинроқ булурмиз, лекин сизлар (буни) курмайсизлар (билмайсизлар).
86. Бас, агар сизлар эгасиз бўлсангизлар;
87. (Ва ўзларингизнинг: «Ҳеч қандай Эга — Парвардигор ҳам, қайта тирилиш ҳам йуқ», деган сўзларингизда) ростгўй булсангизлар ўша (жонни яна жасадга) қайтара олсангизлар эди! (Йуқ, ҳеч қачон қайтара олмассизлар).
88. Энди агар ўша (вафот қилгувчи киши Аллоҳга) яқин қилинган (пешқадам)лардан булса,
89. у ҳолда (унинг учун) роҳат-фароғат, гўзал ризқ ва ноз-неъматли жаннат бордир!
90. Энди агар у ўнг томон эгаларидан бўлса,
91. у ҳолда (эй саодатманд бандам), сенга ўнг томон эгаларидан салом бўлгай!
92. Энди агар у (қайта тирилишни) ёлғон дегувчи гумроҳлардан (яъни, чап томон эгаларидан) бўлса,
93. у ҳолда қайноқ сувдан иборат «зиёфат»,
94. ва дўзахга киритилиш бордир!
95. Шак-шубҳасиз, (ушбу сурада зикр қилинган нарсалар) айни ҳақиқатнинг ўзидир!
96. Бас, улуғ Парвардигорингизнинг номини (ҳар қандай айб-нуқсондан) поклаб-тасбеҳ айтинг!
Icon